Кияткина Елена Васильевна 
Статистика ишларини ташкил этиш 
ва методология бошқармаси бошлиғи

Очиқ иқтисодиёт шароитида давлат бошқарувининг энг муҳим воситаларидан бири турли хил ва тезкор ахборотларнинг мавжудлиги, ягона ахборот маконининг энг муҳим элементи эса ишончли ва долзарб давлат статистикасидир. 

Ўзбекистоннинг замонавий статистикаси – бу шунчаки ташкилотлардан олинган давлат статистика ҳисоботи маълумотларини оддий жамлаш учун “машина” эмас, балки халқаро методология асосида катта миқдордаги статистик ва таҳлилий ҳисоб-китоблар ва баҳолашлардир.

Статистик жадваллар ва таҳлилий материалларни тайёрлаш учун, ҳозирги вақтда турли манбалардан олинадиган миллиондан ортиқ ҳар хил турдаги кўрсаткичлардан, шу жумладан юридик шахсларнинг ҳисоботлари, таҳлилий материаллар ва давлат органларининг маъмурий маълумотлар базалари, махсус ўқитилган интервьюерлар томонидан ўтказилувчи сўровлар ва бевосита кузатувлардан фойдаланилади.

Улар асосида макроиқтисодий индикаторларни баҳолаш, республика ва ҳудудларнинг ижтимоий–иқтисодий ҳолатига таъсир кўрсатувчи сабаблар ва омилларни таҳлил қилиш, шунингдек Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини бошқа мамлакатларнинг тегишли маълумотлари билан таққослаш имконини берувчи статистик маълумотлар тўпламлари шакллантирилади ва тарқатилади.

Бунда, давлат статистика органлари томонидан Давлат статистика ишлари дастури доирасида ҳар йили шакллантирилувчи 10 миллиондан ортиқ жамланма ёки ҳисоблаб чиқарилган кўрсаткичлардан 22,9 фоизи – макроиқтисодий статистикага, 51,8 фоизи – реал сектор статистикасига, 25,3 фоизи – ижтимоий статистикага тўғри келади.

Шу билан бирга, жамият ва иқтисодиёт ўзининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун статистик ахборотларнинг фақат турли-туман бўлишига эмас, балки уларнинг сифатига ҳам юқори талаб қўймоқда, чунки етарлича аниқ ва ишончли бўлмаган   маълумотлар асосланмаган ёки хато хўжалик қарорлари ёки ижтимоий чоралар қабул қилинишига олиб келиши мумкин.

Бундай сифатни таъминлаш учун фақат статистик ҳисоб-китобларда халқаро миқёсда уйғунлаштирилган илмий статистик методологияни қўллаш етарли эмас, балки тизимли асосда сифатни бошқаришнинг инновацион усуллари ва технологияларини жорий этиш зарур.

Кўпчилик давлатларнинг миллий статистика ташкилотлари халқаро даражада келишилган ягона методология асосида статистик жараёнлар ва статистик натижаларнинг сифатини мунтазам равишда баҳолайдилар ва уни янада яхшилаш чораларини кўрадилар.

Халқаро статистика амалиётида “сифат” атамаси кенг маънода талқин қилинади ҳамда статистик жараёнлар ва статистик натижалар фойдаланувчилар ва манфаатдор томонларнинг талабларига қанчалик яхши жавоб беришининг барча аспектларини қамраб олади.

Яхши сифат фойдаланувчиларнинг маълумотлар тўпламига бўлган эҳтиёжини қондиришнигина эмас, балки респондентларнинг ҳисобот махфийлиги ва ҳисобот юкламасига оид безовталигини бартараф этиш, статистик ҳисоб-китобларнинг ишончли методологиясини таъминлаш, маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш харажатларини мақбуллаштириш, ахборотларнинг холислиги ва беғаразлигини кафолатловчи қонунчилик базасининг мавжудлигини билдиради.  

90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, бир қатор мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар сифатни бошқариш воситаларини, концепциядан бошлаб то сифатнинг тартиб-таомиллари ва кўрсаткичларининг батафсил тўпламларигача ишлаб чиқишмоқда. Лекин, бугунги кунда миллий статистика органлари фойдаланиши учун халқаро даражада келишилган ягона қўлланма мавжуд эмас.

Дунёда энг кенг фойдаланилувчи сифат стандарти ИСО 9001 сифатни бошқариш тизимлари серияси ҳисобланади, шу билан бирга баъзи халқаро экспертларнинг фикрича статистика органлари фойдаланиши учун ИСО “ISO 20252:2006 market, opinion, social research, vocabulary and service requirements” (бозор, фикр, ижтимоий тадқиқотлар, луғатлар ва хизмат кўрсатиш бўйича талаблар) серияси ёки Европа сифат менежменти фондининг “EFQMни такомиллаштириш модели”, Умумий сифатни бошқариш бўйича стандартлар (TQM), Кўрсаткичларнинг мувозанатлаштирилган тизими (ССП), Бошқариш воситаси (BSC) каби махсус сифат воситалари кўпроқ мос келади.

1994 йилда БМТнинг Статистика комиссияси “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий статистикасининг асосий тамойиллари”ни нашр қилди. Мазкур ҳужжатда кўрсатилган 10 та тамойиллар БМТ томонидан  статистикада сифатни бошқариш тизимига нисбатан энг асосий деб тан олинган. Бундан ташқари, Статистика фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича қўмита томонидан 2005 йилда “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро статистика фаолиятини тартибга солиш тамойиллари” эълон қилинди.

Европа статистика тизими доирасида, шунингдек “Европа статистика тизимининг сифат бўйича декларацияси” (“ESS Quality Declaration”) ишлаб чиқилган ва 2001 йилда Статистика дастури бўйича қўмита томонидан қабул қилинган, унинг асосида Европа статистика амалиёти кодекси қабул қилинди ва 2005 йилда нашр қилинди.

Кодекс Евростат ва Европа Ҳамжамиятига аъзо мамлакатларнинг миллий статистика бошқармаларига юқори сифатли статистикани ишлаб чиқаришда умумий ва кенг қамровли ёндашувга риоя қилиш мажбуриятини юклайди. У “статистиканинг сифати” тушунчасининг таърифини ва 15 та асосий тамойилларни ўз ичига олади. Кодекс ҳар бир тамойил учун илғор амалиётни акс эттирувчи кўрсаткичларнинг тўпламини белгилайди.

Келишилган ёндашувни қўллаш мақсадида, Евростат томонидан “Сифатни таъминлашнинг базавий тамойиллари” (“Quality Assurance Framework”) ишлаб чиқилган бўлиб, улар сифатни баҳолашнинг мураккаблик даражаси ўсиб бориши бўйича тўртта турини: ўзини-ўзи баҳолаш, қўллаб-қувватланган ўзини-ўзи баҳолаш, коллегиал шарҳ, ўзгарувчан шарҳни, шунингдек сифатни таъминлашнинг бешта асосий элементини: ҳужжатлаштириш, жараёнларни ва статистик методларни стандартлаштириш, сифат характеристикаларини ўлчаш, стратегик режалаштириш ва назорат, такомиллаштириш бўйича чораларни ўз ичига олади. Европа Ҳамжамияти мамлакатларининг Ҳукуматлари, одатда, статистика сифатини баҳолаш жараёнига аралашмайди, чунки бу жамоатчилик томонидан профессинал мустақилликнинг бузилиши ёки маълумотларни тўғрилаш мақсадида аралашув деб баҳоланиши мумкин.

Европа статистикаси сифати соҳасидаги яна бир муҳим ҳужжат 2009 йилда қабул қилинган, унда сифатнинг саккизта мезони белгиланган (долзарблик, аниқлик, ўз вақтидалик, пухталик, қулайлик, очиқ-ойдинлик, қиёсийлик, келишилганлик).

Мамлакатнинг статистика органлари, миллий фойдаланувчилар ва халқаро жамоатчиликни тайёрланаётган статистик ахборотларга бўлган ишончини ошириш ҳамда Интернет тармоғида турли-туман рақамли ва таҳлилий маълумотлар жуда кўп бўлган шароитда рақобатбардошликни таъминлаш учун, концептуал халқаро сифат стандартлари асосида ўз концепцияларини, стандартларини ва инструментарийни ишлаб чиқадилар
ва қўллайдилар

Расмий статистиканинг юқори сифатига эришишнинг концептуал асосларини белгиловчи ҳужжатларга қўшимча равишда, сифатни тизимли ва кенг қамровли   баҳолашни амалга ошириш, сифат ва сифат инструментлари тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш бўйича тавсияларни ўз ичига олган қатор амалий ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

Улар орасида, статистика амалиётида энг кўп қўлланиладиган ва кўпчиликка таниш ҳисобланганларидан бири Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) Маълумотлар сифатини баҳолаш асослари (МСБА (DQRS))дир. МСБА ХВЖнинг Статистика департаменти томонидан ишлаб чиқилган ва ХВЖнинг Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими ва Маълумотларни тарқатишнинг махсус стандартида белгиланган сифат аспектини тўлдиради.

МСБА маълумотлар сифатининг қуйидаги бешта ўлчови асосида мамлакатлар томонидан фойдаланиладиган кўрсаткичларни шакллантириш усулларини илғор усуллар билан таққослаш имконини беради: яхлитлик, услубий асосланганлик, аниқлик
ва ишончлилик, фойдаланиш учун яроқлилик, қулайлик. Ҳар бир ўлчов учун учтадан бештагача илғор амалиёт элементи ва асосий масалалар ва муҳим индикаторлар ёрдамида маълумотлар тўпламларини баҳолаш учун ҳар бир элемент бўйича бир нечта кўрсаткичлар белгиланади. Бунда, биринчи учта даража маълумотлар тўпламларининг барчаси учун умумий ҳисобланади, кейинги даражалар маълумотлар тўпламларининг ҳар бири учун аниқ ҳисобланади.

МСБА макроиқтисодий ва молиявий статистиканинг фақат бир қисмини қамраб олиши ҳамда Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими доирасида тарқатилувчи кўрсаткичлар тўплами учун сифат ўлчовларини белгилаши туфайли, унинг қўлланилиши чекланган. 

Давлат статистика қўмитаси, ўзининг сифатни яхшилаш бўйича фаолиятида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва БМТнинг Статистика комиссияси (асосий халқаро статистика ташкилотлари) билан яқиндан ҳамкорлик қилади ҳамда маълумотлар сифатининг умумэътироф этилган асосий жиҳатларини ва статистик сифат соҳасидаги бошқа тавсия этилган стандартларни қўллайди.

Хусусан, БМТ томонидан тавсия қилинган Расмий статистиканинг асосий принциплари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат статистикаси тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасида белгиланган давлат статистикасининг асосий принциплари, яъни ишончлилик, холислик, беғаразлик, долзарблик, қиёсийлик ва барқарорлик, қулайлик, очиқ-ойдинлик ва ошкораликка мос келади.

Давлат статистика қўмитаси мутахассислари, миллий статистика тизимини халқаро статистика тизимига янада уйғунлаштириш бўйича чораларни амалга оширган ҳолда, махсус нашрлар ва оммавий ахборот воситаларидаги мақолаларни кузатиб бориш йўли билан статистика усуллари соҳасида инновацияларни ва статистик кузатувларнинг энг яхши амалиётини доимий равишда ўрганиб борадилар. Шунингдек, халқаро ва хорижий статистика ташкилотларининг семинар ва тренингларида иштирок этадилар ҳамда методологияни уйғунлаштириш масалалари юзасидан халқаро экспертлар билан доимий мулоқотда бўладилар.

Масалан, 2018 йилнинг апрель ойида Давлат статистика қўмитасининг ва ХВЖнинг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (к-МТУТ) стандарти бўйича Ўзбекистоннинг жамланма маълумотлари миллий саҳифасини тайёрлаш учун масъул бошқа идоралар мутахассислари ХВЖнинг техник кўмаклашиш бўйича маслаҳатчилари билан учрашдилар, унда тарқатилаётган иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар таърифининг МСБА стандартларига мос келиши масаласи, шунингдек маълумотларни яхшилаш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида, Ўзбекистонда халқаро статистика стандартлари ва энг яхши амалиётларни жорий этиш бўйича қўшма шарҳ ўтказиш мақсадида, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Статистика бўлими миссиясининг ташрифи кутилмоқда.

Қўшма шарҳ ўтказиш жараёнида, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси экспертлари томонидан миллий статистика ривожланишининг ташкилий даражаси, унинг БМТнинг Расмий статистиканинг асосий принципларига мувофиқлигининг эксперт таҳлили амалга оширилади, ишлатилаётган атамалар, тушунчалар ва асосий индикаторлар, шунингдек иқтисодий, ижтимоий ва демографик статистика соҳасида тавсия этилган илғор статистика усуллари ва стандартларини жорий этиш даражаси кўриб чиқилади. Уларнинг асосида статистика кузатувларини ўтказиш услубиятини янада такомиллаштириш
ва давлат статистика ишларининг турли босқичларини бажариш самарадорлигини ошириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган шарҳ тайёрланади.   

Ҳозирги вақтда Давлат статистика қўмитасининг сифатни бошқариш бўйича амалга ошираётган ишлари қуйидаги асосий йўналишларга қаратилган: 

сифатли статистикага эришиш учун методологик асосни такомиллаштириш;

статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнлари сифатини тизимли назорат қилиш;

статистикани такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларини белгилашда респондентлар ва статистик ахборотлардан фойдаланувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Шуни қайд этиш лозимки, статистик маълумотларни электрон алмашиш  мамлакатлар ва халқаро статистика ташкилотлари учун оддий амалиёт бўлиб қолган ҳозирги вақтда, мазкур жараён қатнашчилари ўртасида маълумотларнинг келишилишига бўлган талаб ўсиб бормоқда, бунга мос равишда янги ва энг яхши статистик усуллар
ва жараёнларни доимий равишда жорий этиб бориш зарурдир.

Статистика услубиятида тизимли инновациялар, статистик кўрсаткичларнинг сифати ва халқаро таққосланишининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади, шунингдек улар статистик маълумотларга бўлган эҳтиёж ўсиб бораётган шароитда маълумотларни янада кўпроқ мосланувчан ва минимал сарф-харажатлар билан тайёрлаш
ва тарқатиш имконини беради.

Охирги 10 йил давомида давлат статистикаси тизимида 100дан ортиқ миллий шароитларга мослаштирилган услубий ҳужжатлар жорий этилди, хусусан охирги 3 йилда 41та янги услубий ҳужжат ишлаб чиқилди ва амалдаги 13та методика такомиллаштирилди.

Мазкур услубий ҳужжатлар Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида махсус электрон кутубхонага жойлаштирилган. Улар билан нафақат статистика тизими ходимлари, балки аниқ кўрсаткичларни ҳисоблашда қўлланаётган услубиятни яхшироқ тушунишни ёки мустақил равишда баҳолашни ёки уни халқаро ва хорижий услубият билан солиштиришни истаган ҳар қандай шахс танишиши ва фойдаланиши мумкин.

Қайд этиш лозимки, замонавий статистика амалиётида мамлакатларга фақат уйғунлаштирилган услубиятдан фойдаланибгина қолмасдан, балки “метамаълумотларни”, яъни миллий ва халқаро даражада уйғунлаштирилган ҳужжатлаштириш тизимини шакллантириш тавсия қилинмоқда.

Статистик метамаълумотлар “ўзи тавсифлаётган статистик маълумотларни тўғри олиниши ва фойдаланилиши учун зарур маълумотлар” деб таърифланади. Метамаълумотлар маълумотларни излаш ва тақдим этиш учун зарур тушунчаларнинг тизимлаштирилган таърифини (масалан, Тошкент вилояти; 2014 йил), шунингдек маълумотнома кўринишидаги ахборотларни (кўрсаткичнинг тушунчаси, унинг амалиётда қўлланиши, кузатиш ва ҳисоблаш усулларининг қисқача таърифи, тарқатиш календари) ўз ичига олади. Метамаълумотлар таркибида шунингдек маълумотларнинг сифати таърифланади (масалан, танланма усуллар билан кузатувлар ўтказишда юзага келиши мумкин бўлган хатолар манбалари, камчиликлар ва ишонч оралиғи тўғрисидаги тушунтиришлар киритилади).

Шундай қилиб, метамаълумотларнинг яхлит ва аниқ ишловчи тизимини яратиш ҳамда статистик атамаларни бирхиллаштириш, замонавий босқичда статистиклар, методологлар, респондентлар ва статистик ахборот тизимидан фойдаланувчилар ўртасидаги алоқа ва ҳамфикрликни яхшилашнинг инновацион воситаси ҳисобланади. 

Метамаълумотлар тизимининг муҳим афзаллиги, фойдаланувчиларга “онлайн” режимида Интернет тармоғида зарур статистикани сўров асосида ёки қидириш тизими орқали тез излаб топиш ҳамда интерактив статистика хизматлари кўрсатишни янги сифат босқичига ўтказиш имконини берувчи тузилмалашган каталогнинг мавжудлигидадир.

Жуда қулай шароитда, марказий сақлаш жойларида сақланаётган метамаълумотлар статистика ташкилотининг веб-сайтидаги онлайн маълумотлар базаси билан автоматик тарзда боғланади. Бу, фойдаланувчиларга статистик кўрсаткичлар маълумотлар базасидан фойдаланишда дарҳол уларнинг қисқа ва ихчам шаклдаги бирхиллаштирилган тавсифини олиш имконини беради. Бунда, ҳатто етарли тайёргарликка эга бўлмаган фойдаланувчи ҳам кўрсаткични шакллантириш услубиятини осон тушуниши ва олинган маълумот сифати уни қониқтириши бўйича мустақил равишда хулоса чиқариши мумкин.

Давлат статистика қўмитасининг метамаълумотларни шакллантириш соҳасидаги тажрибаси ҳозирча унча кўп эмас. Биринчи босқичда, 2018 йилдан бошлаб Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида ХВЖнинг к-МТУТига қўшилиш бўйича ишлар доирасида тарқатиладиган иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар бўйича метамаълумотлар жойлаштирилган ва доимий равишда янгиланиб борилмоқда. Барча муҳим кўрсаткичлар бўйича метамаълумотларни 2021 йилгача максимал кенгайтириш ва расмий сайтда жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Метамаълумотларнинг инновацион ягона тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш, турли ахборот ресурсларини интеграциялашда, турли вақтда ҳар хил манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда статистик ҳисоб-китобларни амалга оширишда, шунингдек динамик қаторларни тузишда асоссиз харажатларнинг олдини олиш имконини беради.

Узоқ муддатли истиқболда, ривожланган давлатлар томонидан давлат, халқаро тузилмалар ва хусусий секторларнинг веб-сайтлари учун бир хил қидирув луғатидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунда, фойдаланувчи битта сўровни бир вақтнинг ўзида турли манзилларга юбориши мумкин ва бу унга турли манбалардан (миллий, хорижий, халқаро) олинган маълумотларни умумлаштириш, шунингдек улар асосида “онлайн” режимида шахсий таҳлилий материалларини шакллантириш имконини беради.

Бундай луғатни яратиш учун БМТнинг Статистика комиссияси 2008 йилнинг февралида SDMX (Statistical Data and Metadata Exchange) стандартини энг афзал стандарт сифатида тан олди. Мазкур стандарт Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS), Европа Марказий банки, Европа ҳамжамиятининг статистика бюроси (Евростат), Халқаро валюта жамғармаси (IMF), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), БМТнинг Статистика департаменти ва Жаҳон банки хамкорлигида ишлаб чиқилган. У статистик маълумотларни, шунингдек мазкур маълумотлар қандай тизимлаштирилганини тушуниш учун зарур метамаълумотларни алмашиш учун форматларни белгилайди. 

БМТнинг ташаббусидан сўнг SDMX стандарти тобора кўпроқ статистика ташкилотлари томонидан тан олинмоқда ва фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунда ундан ХВЖ, Евростат, Европа Ҳамжамияти мамлакатларининг миллий статистика хизматлари
ва МДҲнинг алоҳида давлатлари фойдаланмоқда.

2018 йилдан бошлаб Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳам кейинчалик расмий сайтда фойдаланиш учун SDMX статистик маълумотлар ва метамаълумотлар алмашиш халқаро стандартини жорий этиш бўйича тайёргарлик ишлари бошланди.
Бу Ўзбекистоннинг статистик имкониятлари мамлакат рейтингини ошириш ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича илғор статистика ташкилотлари қаторига кириш имконини беради.

Сифатни бошқариш бўйича чора-тадбирларни муваффақиятли амалга оширишнинг бошқа зарур шарти ички назоратнинг самарали тизимини ташкил этишдир. Ҳозирги вақтда мазкур функция Давлат статистика қўмитаси тизимидаги махсус бўлинма томонидан амалга оширилмоқда, бўлинма доимий асосда республика ва ҳудудий даражада ишларни бажариш муддатига риоя қилиниши мониторингини амалга оширади ва давлат статистика органлари раҳбарларига ҳамда коллегиал органлар мажлисларида кўриб чиқиш учун тегишли ахборотларни тайёрлайди.

Бундан ташқари, статистика кузатувлари сифатини таъминлашда барча статистика бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштирувчи қуйидаги ҳужжатлар амалиётга киритилган: “Давлат статистика органлари томонидан ташкилотларнинг ҳисобот маълумотларини бирламчи статистик таҳлил  қилиш, хато ва номувофиқликларни аниқлаш ва бартараф этиш тартиби”, “Давлат статистика ҳисоботларини йиғиш жараёнида ҳисобот топширувчи субъектларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш бўйича ишларни ташкил қилиш регламенти”, “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини комплекс танланма статистик кузатувларини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва мониторингини амалга ошириш регламенти”. 

2018 йилдан бошлаб, Давлат статистика қўмитаси томонидан қуйидаги 6 та мезон асосида ҳудудий статистика органларининг статистика фаолияти самарадорлигини баҳолаш жорий этилди:            

маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги – бирламчи маълумотларнинг тўлиқ йиғилиши, холислиги ва ҳаққонийлиги, танлаб олишда юзага келиши мумкин бўлган хатоларни минималлаштириш;

ўз вақтидалик ва пухталик – статистик маълумотларни Давлат статистика ишлари дастури, халқаро тавсиялар ва фойдаланувчиларнинг эҳтиёжи билан белгиланган муддатларга қатъий амал қилган ҳолда чиқариш;

ўзаро боғлиқлик ва қиёсийлик – ягона методология, статистик кўрсаткичларнинг талаб қилинган маълум вақт давомида, ҳудудлар кесимида ва халқаро миқёсда қиёсийлиги;

қулайлик ва очиқ-ойдинлик – Интернет тармоғида ва оммавий ахборот воситаларида статистика йўналишлари бўйича статистик кўрсаткичлар тўпламидан, тегишли таҳлилий ва визуал материаллардан, маълумотлар тавсифи, усуллар ва услубиятдан эркин фойдаланиш имконияти;

ҳисобот тақдим этувчи субъектларга ҳисобот юкламасининг мўътадиллиги – маълумот йиғиш учун ахборот технологияларидан фойдаланиш, субъектларнинг давлат статистика кузатувлари шаклларини тўлдириш вақтини минималлаштириш, бошқа давлат бошқаруви органлари билан идоралараро ахборот алмашиш;

статистик инструментарийдан пухта фойдалана олиш – ходимларнинг касбий тайёргарлик даражасини доимий ошириб бориш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, касбий одоб-аҳлоқ тамойилларига риоя қилиш.

Мазкур мезонларнинг ҳар бири учун тегишли индикаторлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар асосида ҳар чорак натижалари бўйича бажарилган давлат статистика ишлари мажмуи бўйича статистика бўлинмалари фаолияти самарадорлигини яхлит баҳолаш амалга оширилади. Баҳолаш натижалари раҳбарлар ва мутахассислар фаолиятини кўриб чиқиш
ва рағбатлантиришда ҳисобга олинади.

Статистика ишларининг ва умуман статистика фаолиятининг сифат даражасини оширишни таъминловчи бошланган инновацияларнинг давоми сифатида, 2021 йилгача бўлган ўрта муддатли истиқболда, статистик жараёнларга DatQAМ сифат менежменти тизими базавий пакетини жорий этиш режалаштирилмоқда. Базавий пакетнинг тадбирлари, жорий этилган такомиллаштиришлар билан бир қаторда, статистикадан фойдаланувчиларнинг фикрларини ўрганиш ва ҳисобга олиш, натижасини кейинчалик расмий сайт орқали тарқатиш учун ўз-ўзини баҳолаш ёки ташқи (яъни халқаро, хорижий ва миллий экспертлар томонидан) баҳолашни ўтказишни, метамаълумотлар таркибига сифат тўғрисида маълумотлар киритишни ўз ичига олади.

Қайд этиш лозимки, ҳисобот тақдим этувчи респондентлар билан фаол ҳамкорлик қилмасдан туриб, юқори сифатли статистикани таъминлаш мумкин эмас.

Шу сабабли, статистика фаолиятининг яна бир янги йўналиши, замонавий Интернет технологияларидан фойдаланиб респондентлар билан қайта алоқа тизимини ўрнатишдир.

Давлат статистика қўмитаси томонидан янги давлат статистика кузатувлри шакллари лойиҳаларини Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида ва Ҳукумат порталида жойлаштириш йўли билан тест синовидан ўтказиш амалиёти жорий этилган. Келиб тушган барча таклиф ва мулоҳазалар чуқур ўрганиб чиқилади ҳамда ҳисобот шаклларининг якуний макетларини тайёрлашда ва уларни тасдиқлашда ҳисобга олинади. Мазкур фаолиятда статистика органларига Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси катта ёрдам кўрсатади, у ўз аъзолари ўртасида статистик ҳисобот шаклларини ўрганиш ва муҳокама қилишни ташкил қилади ҳамда Давлат статистика қўмитасига умумлаштирилган таклифлар ва мулоҳазаларни юборади.

Шунингдек, 2015 йилдан бошлаб ҳисоботларни қабул қилишда электрон хабар алмашиш ва кўп юзага келадиган саволлар бўйича тушунтиришларни электрон ҳисобот шаклида жойлаштириш амалиёти қўлланмоқда, 2018 йилдан бошлаб эса статистик ҳисоботларни йиғиш жараёнига Mibew Messenger 2.2.0. мустақил дастурий таъминот асосидаги “Онлайн-маслаҳатчи” тизими жорий этилди.

Респондентларнинг статистик кузатувларда фаол иштирок этишлари ва сифатли маълумотлар тақдим этишларини таъминлаш учун, ҳисобот юкламасини назорат қилиш
ва уни қисқартириш бўйича доимий чоралар кўриш катта аҳамиятга эга. Шу мақсадларда, Давлат статистика қўмитаси томонидан давлат статистика кузатувлари шаклларини тўлдириш учун сарфланган вақт, шунингдек уларни тўлдиришнинг қулайлиги
ва  тушунарлилиги тўғрисида респондентлар ўртасида сўровлар ўтказилмоқда.

Бундай сўровлар, халқаро статистика ташкилотлари томонидан тавсия этилган сифатни бошқариш тизими базавий пакетининг бир қисми ҳисобланади.

Респондентларнинг навбатдаги кузатуви, Давлат статистика қўмитаси томонидан 2018 йилнинг апрель ойида, республиканинг барча ҳудудларида ўтказилди. Сўров билан
5,5 минг ҳисобот топширувчи ташкилотлар, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари қамраб олинди.

Олинган натижалар Давлат статистика қўмитасининг мутахассис методологлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва улардан 2019 йил учун давлат статистика ҳисоботлари шаклларини такомиллаштириш учун фойдаланилади.

Шунингдек олинган натижалар, ҳудудий статистика органларининг янги ташкил топган ташкилотларнинг раҳбарлари ва ҳисобчиларига ҳисоботларни тўлдиришнинг ўзига хос хусусиятларини тушунтириш бўйича ишларини янада самарали ташкил этиш ҳамда ҳисобот тўлдиришга кўп вақт сарфлаётган ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш  имконини беради.

Албатта, статистика фаолиятини ташкил этишда ечилмаган муаммолар ҳали кўп
ва жамият томонидан статистика маълумотларига бўлган ишонч ҳозирча етарли даражада эмас. Шунинг учун, барча статистик мутахассислар доимий олдинга интилишни
ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахборотлари сифатини ва уларни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга оширишга қаратилган тизимли ўзгартиришларни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.